Жамият фаолиятининг предмети ва мақсадлари


1. Банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан берилган лицензияга мувофиқ қуйидаги банк операцияларини амалга оширади:

  • пул маблағларини омонатларга (депозитларга) жалб этиш;
  • тўловларни амалга ошириш, шу жумладан банк ҳисобварақларини очмасдан амалга ошириш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларини, шу жумладан банкларнинг вакиллик ҳисобварақларини очиш ҳамда юритиш;
  • кредитларни уларнинг қайтарилиши, фоизлилиги ва муддатлилиги шарти билан ўз номидан ўзининг маблағлари ҳамда жалб этилган маблағлар ҳисобидан бериш;
  • чет эл валютаси билан нақд ва нақдсиз шакллардаги операциялар;
  • жисмоний ёки юридик шахс билан тузилган шартнома бўйича мол-мулкни ишончли бошқариш;
  • инкассация ва касса хизматларини кўрсатиш;
  • учинчи шахслар номидан уларнинг мажбуриятлари бажарилишини назарда тутувчи кафолатлар бериш ва бошқа мажбуриятларни қабул қилиш;
  • учинчи шахслардан пул шаклидаги мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини олиш (факторинг);
  • қимматли қоғозларни чиқариш, харид қилиш, сотиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш, мижоз билан тузилган шартномага биноан қимматли қоғозларни бошқариш, улар билан бошқа операцияларни бажариш;
  • аффинланган қимматбаҳо металлар сотиб олиш ва сотиш, шу жумладан металларни масъул сақлаш ҳисобварақларини ҳамда металларнинг эгасизлантирилган (жисмоний бўлмаган) ҳисобварақларини юритиш;
  • қимматбаҳо металлардан ясалган тангаларни сотиб олиш ва сотиш;
  • ҳосилавий молия воситалари (деривативлар) билан операцияларни амалга ошириш;
  • ҳужжатларни ёки қимматликларни сақлаш учун махсус биноларни ёки уларнинг ичидаги сейфларни ижарага бериш;
  • лизинг бериш;
  • қонун ҳужжатларида назарда тутилган шаклларда қарзлар бериш;
  • молиявий операциялар билан боғлиқ маслаҳат хизматлари кўрсатиш;
  • активлар мажмуини (портфелини) бошқариш;
  • электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва тўлаш;
  • банк карталарини бериш ва тўловларга ишлов бериш, банк карталарига бошқа ташкилотлар, жумладан бошқа молия институтлари билан биргаликда хизмат кўрсатиш.

Банклар банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа молиявий операцияларни ҳам амалга оширади. Банк банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияда кўрсатилмаган молиявий операцияларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг рухсатномаси олинганидан кейин хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқ аутсорсингга топшириш ҳуқуқига эга.

2. Банк бевосита ишлаб чиқариш, савдо, суғурта фаолияти ҳамда банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас.

Ушбу чеклов қуйидаги ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • банк карталари асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимларида фойдаланиладиган ихтисослаштирилган ускунани ва унга доир дастурий таъминотни сотиш ёки ижарага беришга;
  • ўз активларини сотишга;
  • чек дафтарчаларини чиқариш, реализация қилиш ва тарқатишга;
  •  суғурта ташкилотлари бўлган Ўзбекистон Республикаси резидентлари номидан суғурта шартномаси тузилишини ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширишга;

банк ўзи муассис бўлган юридик шахсларга ўз мол-мулкини мулкий ижара (аренда) шартномасига мувофиқ ижарага беришга.

3. Банкга юридик шахсларни ташкил этиш ва (ёки) юридик шахсларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) улушларни ёки акцияларни олиш тақиқланади, бундан қуйидагилар мустасно:

  • кредит, суғурта ва лизинг операцияларини профессионал асосда амалга оширувчи юридик шахслар;
  • молия бозори инфратузилмасининг бир қисми бўлган ёки банкларга ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар;
  • қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар;
  • банкнинг кафолати остида қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш мақсадида мазкур банкнинг хорижда ташкил этиладиган шўъба ташкилотлари;
  • фақат инкассация фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар;
  • банк операциялари бўйича ҳисоб-китоблар, шу жумладан банк карталари билан операцияларга доир ҳисоб-китоблар иштирокчилари ўртасида ўзаро боғлиқлигини таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар;
  • фонд ва валюта биржалари;
  • кредит бюролари;
  • қимматли қоғозларнинг иккиламчи бозорига жойлаштирилган акцияларнинг йигирма фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда фонд биржаси листингига киритилган акциядорлик жамиятлари.
  • Банкка ушбу банк устав капиталининг бир ёки ундан ортиқ фоизига эгалик қилувчи юридик шахснинг устав фондида (устав капиталида) иштирок этиш тақиқланади.

4. Банк ўз фаолиятини Марказий банк томонидан бериладиган, банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия ( бундан буён матнда “лицензия” деб юритилади) асосида амалга оширади.

5. Банк аҳоли, корхоналар, ташкилотлар, кредит ва молия институтлари шу жумладан норезидентларнинг бўш турган пул маблағларини жалб қилади ва уларни талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварақларида, омонат, муддатли депозит ҳисобварақларида, шунингдек бошқа турдаги депозит ҳисобварақлари ва мажбурият ҳисобварақларида сақлайди.

Субординар қарзга, эгалик қилиш ҳуқуқларига ёки хизматларига, шу жумладан суғурта хизматларига таалуқли булган пул маблағлари омонат (депозит) ҳисобланмайди.

6. Банк хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларни қонун ҳужжатлари ва банкнинг ички ҳужжатларида белгиланган тартибда сўмда ёки чет эл валютасида кредитлашни амалга оширади.

Банк томонидан бериладиган кредитлар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ундириш мумкин бўлган мол-мулк гарови, шунингдек кафолатлар, кафилликлар ва мажбуриятларни бажаришнинг қонунчиликда назарда тутилган бошқа усуллари билан таъминланади.

Банк бу кафолатлар, кафилликлар, мажбуриятларнинг етарлилигини ўз кредит сиёсати, банкнинг бошқа ички ҳужжатлари, Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек, фармойишлари, қоида ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда белгилайди.

Юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги), ушбу Уставнинг 15 бандида кўрсатилмаган ва унинг талабларига мувофиқ бўлмаган акциялари ҳамда улушлари банк томонидан таъминот сифатида қабул қилиниши мумкин эмас.

Банкка ўз акцияларини гаровга олиш эвазига кредит бериш тақиқланади.

Банк ички банк ҳужжатларида ва қонунчиликда белгиланган тартибда таъминланмаган кредит (ишончли кредит) бериш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Уставнинг мазкур банди билан белгиланган талаблар, кафолатлар бериш буйича банк молиявий амалиётларини таъминотларига ҳам тадбиқ этилади.

7. Банк Марказий банк томонидан берилган лицензия асосида Марказий банк томонидан белгиланган қоидалар, қонун ҳужжатлари ва банкнинг ички ҳужжатларига мувофиқ чет эл валютасида амалиётларни амалга оширишга ҳақлидир.

8. Банк қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириши мумкин.