Кредитлар


Чет эл капитали иштирокидаги «Савдогар» акциядорлик тижорат банки томонидан хўжалик субъектларини миллий валютада кредитлашни ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

(2018 йил 1 февралдан кучга киради)

1. Умумий қоидалар.

1.1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодексига, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонунларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда Марказий банкнинг Адлия Вазирлигида 2000 йил 2 мартда 905-сон  билан рўйхатга олинган «Тижорат банкларининг кредит сиёсатига бўлган талаблар тўғрисида»ги, Марказий банкнинг Адлия вазирлигида 2000 йил 2 мартда 906-сон билан рўйхатга олинган «Ўзбекистон Республикаси банкларида кредитлаш ҳужжатларини юритиш жараёни тўғрисида»ги Низомларига ва Банк Кенгашида 2017 йил 30 январда тасдиқланган  «Савдогарбанк»нинг Кредит сиёсатига мувофиқ  ишлаб чик,илган.

1.2. Хўжалик субъектларига кредит берилиши ушбу Низомга мувофиқ ажратилган кредитларни қайтарилишлиги, тўланилишлиги, таъминланганлиги, муддатлилиги ва мақсадли  фойдаланишлилиги шарти билан амалга оширилади.

1.3. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ тузиладиган кредит шартномаси кредитлаш жараёнидаги банк билан хўжалик субъекти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ифодаловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

 1.4. Банк томонидан микрокредитлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси томонидан 2006 йил 21 июнда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2006 йил 25 августда маъқулланган “Микромолиялаш тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ амалга оширилади.

 1.5. Молиявий лизингни амалга ошириш Марказий банкнинг Адлия вазирлигида 2006 йил 27 декабрда 1648 - рақам  билан рўйхатга олинган “Тижорат банкларида лизинг операцияларини амалга ошириш ва уларнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги” Низомга мувофик, амалга оширилади.

1.6. Факторинг операцияларини амалга ошириш Марказий банкнинг Адлия вазирлигида 2000 йил 3 августда 953 - рақам  билан рўйхатга олинган «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тижорат банклари томонидан факторинг операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги» Низомига мувофиқ амалга оширилади.

1.7. Банк томонидан кичик бизнеснинг бошка субъектларини кредитлаш Марказий банкнинг Адлия Вазирлигида 2013 йил 27 декабрда 2546-сон билан руйхатга олинган «Кичик тадбиркорлик субъектларини миллий валютада кредитлаш» тартибига мувофик, амалга оширилади.

1.8. Банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан кичик бизнес субъектларга дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантиришга, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга микрокредитларни Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган фоизда ажратиш;

1.9. Уй-жой мулкдорларига кредитлар ажратиш Марказий банкнинг Адлия вазирлигида 2002 йил 18-апрелда 1126-рақам билан рўйхатга олинган «Уй-жой мулкдорлари ширкатларини тижорат банклари томонидан миллий валютада кредитлаш тартиби тўғрисидаги» Низоми талабларига мувофиқ амалга оширилади;

Мазкур Низом талабларига кўра, ажратиладиган кредитларни муддатлари кредитланадиган тадбирларнинг қопланиш муддатларига боғлиқ бўлади, шу жумладан:

Турар жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини ва умумий фойдаланиладиган жойларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирини амалга оширишни молиялашга кредитлар, муддатини узайтириш ҳуқуқисиз, 24 ойгача муддатга берилиши мумкин;

бошқа мақсадлар учун бериладиган кредитлар муддати, кредитланаётган фаолият турининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, мустақил белгиланади.

1.10. «Қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий акциядорлик жамиятларига кредитлар ажратиш Марказий банкнинг Адлия вазирлигида 2004 йил 2 мартда 1319-рақам  билан рўйхатга олинган «Тижорат банклари томонидан «қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий акциядорлик жамиятларига минерал ўғит ва ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситалари хариди учун қисқа муддатли мақсадли  кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги» Низомига мувофиқ амалга оширилади.

1.11. Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан «калити билан» шарти асосида объектлар қураётган пудрат ташкилотларига кредитлар ажратиш Марказий банкнинг Адлия вазирлигида 2004 йил 19 майда 1358-рақам билан рўйхатга олинган «Марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан «калити билан» шарти асосида объектлар қурилишини амалга ошираётган пудрат қурилиш ташкилотларини тижорат банклари томонидан кредитлаш тартиби тўғрисидаги» Низомига мувофиқ амалга оширилади.

1.13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 январдаги ПҚ-2746-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида мазкур қарор билан тасдиқланган рўйхатда кўрсатилган фаолият турларига бевосита давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар ажратилади;

1.14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 мартдаги ПҚ-2844-сонли “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган Адлия вазирлигида 2017 йил 12 май куни 2883-сон билан рўйхатдан ўтган “Тижорат банклари томонидан янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низомига асосан микрокредитлар ажратилади;

1.15. Хусусий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлашга имитёзли кредитлар ажратилади;

1.16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 октябрдаги 857-сон қарорига илова қилинган “Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан микрокредитлар ажратилади; 

1.17. Кредитлар фақат Савдогарбанкнинг мижозларига, мижознинг талаб қилиб оладиган депозит ҳисобварағи бўлган жойда берилади.

1.18. Ноликвид балансга эга бўлган, зарар билан ишловчи хўжалик субъектларига кредит берилмайди, илгари берилган кредитлар эса белгиланган тартибда муддатидан олдин ундирилади. Бундай қоида кредит шартномасида мажбурий тартибда қайд этилган бўлиши керак.

Кредит ресурсларидан узок, муддатли молиявий бўшлиқларни ва зарарларни қоплаш учун фойдаланилишига йўл қўйилмайди

1.19. Кредитлар фойдаланиш муддатларига қараб қисқа муддатли ва узоқ муддатли кредитларга бўлинади.

қисқа муддатли кредит 12 ойлик муддатгача бериладиган кредит бўлиб, унинг давомийлиги кредитга доир тадбирларни ўтказиш муддатларидан, унинг қопланиши ва бошқа шартларидан келиб чиқади.

Узоқ муддатли кредит бир йилдан кўпроқ муддатга бериладиган кредитдир. Бундай кредитларга бўлган талаб ишлаб чиқариш туркумининг ўзига хосликларига ва битимларнинг шартларига қараб пайдо бўлади.

Мазкур кредит хўжалик субъектларига янги маҳсулот турларини ва янги технология жараёнларини ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни таъмирлаш ва такомиллаштириш, ишлаб чиқариш объектлари ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, таъмирлаш, техникавий қайта жиҳозлаш ҳаражатлари билан боғлиқ инвестиция мақсадлари, асосий пода ва кўп йиллик дарахтларни шакллантириш билан боғлиқ тез қопланадиган ва юқори самарали тадбирлар учун берилади. Кредитдан фойдаланишнинг аниқ муддати кредит берилаётган бойликларнинг айланиш тезлиги ва ҳаражатларнинг қопланиши асосида белгиланади.

Банк томонидан узоқ муддатли кредитлар ушбу Низомнинг III —бўлимига мувофиқ берилади.

1.20. Барча кредитлар кредит шартномасида белгиланган муайян муддатда қайтариш шарти билан берилади. Бироқ улар амалда фойдаланиш вақтига қараб муддатли, муддати узайтирилган (чўзилган) ва муддати ўтган бўлиши мумкин. Муддати узайтирилган ва муддати ўтган кредитлар қайта расмийлаштирилган кредитлар тоифасига киритилади.

Қайтадан расмийлаштирилган кредит муддатли кредит сифатида балансда ҳисобга олиниши мумкин эмас.

1.21. Муддатли кредит - бу кредит шартномасига кўра тўлаш муддати ҳали келмаган кредитдир.

1.22. Муддати узайтирилган кредитлар - бу айрим ҳолатларда қарз олувчининг тўлаш муддати бошланишидан олдин банкка тақдим  этилган иқтисодий жиҳатдан асосланган ёзма тақдим номаси асосида банкнинг Кредит қўмитаси уни қайта расмийлаштириш, яъни кредитни қайтариш муддатини янада кечроқ вақтга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган кредитлардир.

Кредит қўмитанинг қарорига кўра мижозга қарзга олинган маблағлардан фойдаланиш давомийлигининг муддати 12 ойдан ошмаслик шарти билан қисқа муддатли кредитларни тўлаш муддатини фақат бир марта узайтириб бериш мумкин.

Кредитни тўлаш муддатини узайтириш асосий шартномага қўшимча битим билан илгари қабул қилинган кредитни қайтаришни таъминлашни қайта расмийлаштириш шарти билан  расмийлаштирилади.

Ишончли кредитлар муддатини узайтиришга йўл қўйилмайди.

Ҳукумат қарорларига кўра кредит берилган ҳолларда унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги масала Ҳукумат томонидан ҳал этилади.

1.23. Муддати ўтган кредитлар - бу кредит шартномасида белгиланган қайтариб бериш муддати, шунингдек агар муддати кечиктирилган бўлса, уларни узайтириш муддатлари ўтиб кетган кредитлардир. Муддати ўтган кредитлар ўзининг иқтисодий моҳиятига кўра қайта расмийлаштирилган кредитлар ҳисобланади, чунки кредит шартномасида муддатини кечиктирганлик учун оширилган фоиз ставкаларини қўллаш кўзда тутилади.

    2. Айланма маблағларни тўлдириш учун кредит расмийлаштириш тартиби.

2.1. Кредит олиш учун хўжалик субъекти банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим  этади:

а) кредит аризаси (1- илова);

б) давлат солиқ хизматининг маҳаллий (туман) идораси томонидан электрон кўринишда қабул қилинганлиги тўғрисидаги белги қўйилган сўнгги ҳисобот даврига бўлган бухгалтерлик баланси, дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ёйилмаси ҳамда 90 кундан ошиб кетган қарздорликлари бўйича солиштирма далолатномалар, фойда ва зарарлар ҳақидаги ҳисобот;

в) олинадиган кредитнинг самарадорлиги, қайтаришлилиги, тўланиши ва таъминланиши ҳамда пул оқимининг таҳлили албатта кўрсатилган бизнес режа.

2.2. Кредит ходими юқорида кўрсатиб ўтилган барча ҳужжатларни олгач қуйидагиларни аниқлайди;

- субъектнинг кредитга қобиллигини, унинг рейтинг баҳосини, бунда ликвидлик коэффициентидан мажбурий тартибда фойдаланган ҳолда, пул маблағларини қоплашни, алоҳида ишлатишни, жалб этишни, айланма маблағларнинг фойда келтиришини ва айланиш тезлигини, шунингдек, кредитнинг мақсади устав фаолиятига мос келишини, кредитнинг турини (2-илова кредитга қобилликнинг ҳисоб - китоби).

2.3. Банк филиалларида қарз олувчиларнинг кредит аризаларини рўйхатга олиш учун “Аризаларни рўйхатга олиш китоби” юритилади ва бу китобнинг варақлари рақамланади, тикилади ҳамда Банк Раисининг кредитлаш масалалари бўйича ўринбосари ёки ушбу масала бўйича масъул шахснинг имзоси ва Бош банкнинг муҳри билан тасдиқланади.                    Мазкур китобда қуйидагилар қайд этиб борилиши шарт: кредит аризаси берувчи мижознинг тўлиқ номи, ариза берилган сана, сўралаётган кредит миқдори, кредитни мақсади, муддати, кредит бўлимининг хулосасини банк раҳбариятига тақдим этилган санаси, Кредит қўмитаси томонидан кредит бўлимининг хулосасини кўриб чиққан санаси, қарор қабул қилинган сана, кредит бермаслик тўғрисида қарор қабул қилинса унинг асослари.

2.4. Қарз олувчи кредитни тўлай олмаслик хатаридан қочиш мақсадида ишончли кредитдан ташқари, асосий талаби унинг реализация қилинишидан иборат бўлган таъминлашга ҳам эга бўлиши керак.

Қарз олувчи банкка қуйида кўрсатилган таъминот турларидан бирини тақдим  этишга ҳақли:

  • мол-мулк ёки қимматли қоғозлар гарови;
  • банклар ёки суғурта идораларининг кафолати;
  • учинчи шахсларнинг кафиллиги;
  • ўз фаолиятини қонунларда белгиланган тартибда юритувчи суғурта идораларининг кредитни қайтарилмай қолиш хатарини суғурталаганлиги ҳақидаги суғурта полиси.

Мулкчиликнинг барча шаклидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига берилган кредитлар бўйича суғурта компанияси Савдогарбанк фойдасига берган қарз олувчининг кредитни тўлай олмаслик хатаридан суғурта полисини таъминот сифатида қабул қилиб олишга рухсат берилади.

Бунда кредит бериш фақат суғурта тўлови суғурта компаниясининг банк ҳисобварағига ўтказилгани ва қарз олувчи банкка суғурта полисини тақдим  этганидан кейин амалга оширилиши мумкин. Суғурта полисида қарз олувчи олинган кредитларни ва у бўйича фоизларни тўлай олмаган тақдирда суғурта ташкилоти кредитнинг барча суммасини ва у бўйича ҳисоблаб чиқарилган фоизларни тўлаш маъсулиятини ўз зиммасига олиши тўғрисидаги ёзув бўлиши зарур.

Бериладиган кредит ҳисобидан суғурта тўловини тўлаш ман этилади.

2.5. Мол-мулк гарови кредит таъминотининг асосий шакли бўлиб, қарз олувчининг мулки ҳисобланган ҳар қандай мол - мулк ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Гаров тўғрисида”ги қонунига мувофиқ гаров нарсаси бўлиши мумкин бўлган оборотдан олиб қўйилган буюмлардан ташқари, қимматбаҳо бойликлар, заргарлик буюмлари, эркин алмаштириладиган валюталар шу жумладан буюмлар ва мулкий хуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин.

"Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 4-моддасига ўзгартишлар киритиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш масалаларига оид айрим қонун хужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги Қонунида (2006 йил 3 апрел) келтирилган корхоналар ва мол-мулк рўйхати гаров ашёси бўла олмайди.

2.6. Қарз олувчининг мажбуриятларини таъминоти сифатида қабул қилинган мол-мулк ва таъминотнинг бошқа шакллари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

  • бошқа гаровдан ҳоли бўлиши;
  • юқори ликвидликка эга бўлиши, бунда активларнинг пул маблағларига конвертациялаш қобилияти тушунилади;
  • узоқ  вақт сақланиш қобилиятига эга бўлиши.

2.7. Банк филиали мол - мулк гарови асосида кредитни расмийлаштиришда кредит олувчи билан гаров ҳақидаги ёзма шартномани тузади (кредит шартномаси лойиҳаси асосида). Гаров шартномасида гаровга қўйилган мол-мулкнинг рўйхати, баҳоси ва манзили, гаров билан таъминланадиган мажбуриятларни бажаришнинг моҳияти, миқдори ва муддати кўрсатилади. Мол-мулк гарови қарз олувчи ҳисобидан Савдогарбанк фойдасига суғурталаниши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 271 - моддасига мувофиқ албатта нотариал жиҳатдан тасдиқланиши керак.

Банк гаровга қўйилган мулкни сақланиши бўйича кредит шартномада кўрсатилган муддатларда жойида текширув ўтказиши лозим.

Агарда гаровга бир неча шахснинг тасаруффида бўлган мол-мулк расмийлаштирилаётган бўлса бундай ҳолда мулкка эгалик қилувчи барча шахсларнинг ёзма равишдаги розилиги билангина ушбу мол-мулк гаровга берилиши мумкин.

Нотураржой бино-иншоатлар гарови буйича шартномалар Давлат кадастри туман ва шаҳар хизматлари органлари томонидан қайд этилиши лозим.

Тураржой бинолари гаровга қабул қилинмайди.

Берилаётган кредитнинг миқдори гаровга қўйилган мулк суғурта баҳосидаги қийматининг 80 фоизидан ошмаслиги керак.

Гаровга қўйилган мол-мулк томонларнинг келишувига асосан тўлиғича қарз олувчининг тасарруфида қолади ёки банк ихтиёрига берилади.

2.8. Юқори ликвидликка эга бўлган давлат облигациялари ҳам гаров нарсаси бўлиши мумкин ва уларни гаровга қўйиш алоҳида шартнома билан расмийлаштирилади.

2.9. Банкларнинг кафолатларига асосан кредит берилишида кафолатларни расмийлаштириш Фуқаролик кодексининг 299 - 310 моддаларида кўрсатилган тартибда ёзма равишда амалга оширилади.

Савдогарбанк филиаллари фақатгина тижорат банкларнинг Бош банки томонидан тақдим  этилган кафолатларни қабул қилишлари шарт.

Кредитни қайтариш муддати келиб, қарз олувчининг депозит ҳисоб варағида пул маблағи бўлмаган тақдирда кафолат берувчи банк қарз берган банк филиалининг ёзма равишда билдирган хабарномасига мувофиқ муддатида тўланмаган кредит ҳамда фоиз тўловларини ўз ҳисобидан ўзининг тўлов топшириқномалари билан бевосита қарз олувчининг кредит ҳисоб варағига ўтказиб беради.

2.10. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 292 - моддасига мувофиқ тузилган учинчи шахснинг қарз олувчининг тўлов қобилияти йўқлигида унинг қарзини тўлашга розилиги тўғрисидаги мажбурияти ҳам кредитни қайтарилишини таъминоти сифатида қабул қилиниши мумкин, бундай мажбурият мустақил мажбурият - кафиллик тарзида расмийлаштирилади.

Тўлов қобилиятига эга бўлган ҳамда 2-сонли картотекада муддатида тўланмаган тўлов ҳужжатлари бўлмаган учинчи шахслар кафиллик берувчи бўлишлари мумкин.

2.11. Кафиллик қарздор билан кафиллик берувчи ўртасида банк фойдасига ёзма шаклда кафиллик шартномаси билан расмийлаштирилади. Шартномада кафиллик берувчи банк филиаллари олдида кредит олувчининг ушбу кредит бўйича мажбуриятларини, қарздор уни кредит шартномасида белгиланган муддатда бажармаган тақдирда, бажариш юзасидан зиммасига мажбуриятлар олиши таъкидланади. Кафиллик берувчининг маъсулияти қарздорнинг қарз бўйича ҳисоблаб чиқарилган фоизларини ҳисобга олган ҳолда қарз миқдори билан чегараланади.

Кредит таъминоти сифатида кафиллик шартномасини қабул қилиш вақтида банк кафиллик берувчининг молиявий ҳолатини ҳамда унинг тўлов қобилиятини таҳлил этиши лозим ва ижобий ҳал бўлгандагина кафиллик шартномасини берилаётган кредит таъминоти сифатида қабул қилиши мумкин. (3-илова кафиллик шартномаси)

Кафиллик шартномаси кафиллик берувчи мажбуриятлар бўйича асосий жавобгар бўлганидаги каби банкка кафиллик берувчининг мажбуриятларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Кафиллик шартномаси кредитнинг ва у бўйича ҳисобланган фоизларнинг бутун суммасини қамраб олади.

2.12. Кафиллик шартномасига қуйидагилар илова қилинади:

  • кафиллик берувчининг банкдаги ҳисобварағи ҳолати тўғрисидаги маълумотнома;
  • кафиллик берувчининг бошқа банклардаги барча банк ҳисоб – варақлари тўғрисидаги маълумотнома, улардаги қолдиқни кўрсатган ҳолда;
  • кафиллик берувчининг ўз банки олдида кредитлари ёки бошқа қарзи йўқлиги;
  • кафиллик берувчининг 2-сонли картотекада қарзлари йўқлиги.

Ушбу маълумотномалар ва маълумотлар талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи банк муассасасининг раҳбари ва бош бухгалтери томонидан имзоланади ва думалоқ муҳр билан тасдиқланади.

Банк филиаллари кафиллик берувчининг молиявий ҳолатини тасдиқловчи аудиторлик хулосаларни ҳам талаб қилишга ҳақли.

2.13. Кредитни қайтариш муддати келган ва қарздорнинг депозит ҳисобварағида маблағи бўлмаган тақдирда кафиллик берувчи шахс қарз олувчининг банкини ёзма хабарномасига асосан ўзининг тўлов топшириқномаси билан талаб олинадиган депозит ҳисобварағидан тўланмаган кредитини ва унга ҳисобланган, лекин тўланмаган фоизларни қарз олувчининг бевосита кредит ҳисобварағига ўтказади.

2.14. Банк кредитга таъминоти сифатида қабул қилинган ҳужжатлар, яъни мол-мулк ва қимматли қоғозлар гарови, кафиллик шартномаси ва кафолатлар Марказий банкнинг 2004 йил 13 августдаги 290- сонли янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларинниг бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режаси»га асосан банк филиалларида мос равишда кўзда тутилмаган ҳолатлар 94502 «Мол-мулклар асосидаги гаров таъминоти», 94501 «Қимматбаҳо қоғозлар асосидаги гаров таъминоти» ва 94503 «Кафолатнома ва кафиллик асосидаги гаров таъминоти» ҳисобварақларида юритилади.

2.15. Тақдим  этилган ҳужжатларни синчиклаб ўргангандан сўнг банк ходими кредит битимини тузиш имконияти бор - йўқлиги тўғрисидаги хулосани (4-илова) расмийлаштиради, бунда қуйидагиларни кўрсатади:

  • кредитга қобиллиги;
  • кредитнинг мақсади, муддати ва миқдори;
  • кредит қайтарилишининг таъминланиши;
  • фоиз ставкаси.

2.16. Банк кредит бўлими ходимининг ва кредит бўлими бошлиғининг имзоси қўйилган хулосасини илова қилинган ҳужжатлар билан биргаликда кўриб чиқиш учун кредит қўмитага тақдим этилади. Кредит қўмита эса ўз ваколатларидан келиб чиққан ҳолда уч иш куни ичида тегишли қарор қабул қилади (Кредит қўмита баёни).

2.17. Мазкур хулоса Кредит қўмитаси раиси томонидан тасдиқангандан сўнг кредит шартномаси тузилади ёки ўша куннинг ўзида қарз олувчига ёзма равишда рад жавоби берилади. Рад жавобида кредит ажратиш учун кредит битимини тузмаслик сабаблари кўрсатилади.

2.18. Кредит қўмитасининг ижобий хулосасидан кейин кредит шартномаси тузилиб, у банк раҳбари ва қарз олувчи томонидан имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

2.19. Кредит шартномасида қуйидагилар кўзда тутилади (5-илова):

  • кредитнинг мақсади ва миқдори, уни бериш ва сўндириш тартиби;

  • мажбуриятларни таъминланганлик шакллари, фоиз ставкалари, уларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби;

  • кредитни беришда ва сўндиришда тарафларнинг ҳуқуқлари ҳамда маъсулиятлари;

  • кредитни бериш учун зарур бўлган маълумотлар, ҳисоб-китоблар ва бошка ҳужжатлар ҳамда уларнинг даврийлиги;

  • банк томонидан жойида ҳисоб-китобларни юритилиши, кредитдан мақсадли  фойдаланиши, кредитни қайтарилишини таъминоти сифатида гаровга олинган мол-мулкларни сақланиш ҳолати ва бошқа масалалар бўйича текширувлар ўтказилиши.

2.20. Кредит шартномаси тузилгандан сўнг банк филиали раҳбари ва кредит ходимининг имзоси билан кредитни қайтариш муддати ҳамда фоиз ставкаси кўрсатилган ҳолда берилган фармойишга асосан бухгалтерия бўлимида қарз олувчига кредит ҳисобварағи очилади.

2.21. Кредитни бериш тўғрисида қарор қабул қилиниши билан қарз олувчига кредит карточкаси очилади ва шу карточка бўйича кредит устидан назорат олиб борилади.

2.22. Кредит бериш алоҳида кредит ҳисобварағидан қарз олувчининг кредит шартномасида кўрсатилган мақсадга мувофиқ, товар-моддий бойликлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш учун кредит бўлими ходимининг имзоси билан тасдиқланган тўлов топшириғини бажариш йўли билан амалга оширилади.

Савдо ташкилотларининг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олиб, уларнинг 2-сонли картотекасида тўлов ҳужжатлари, банк кредитидан ва фоиз тўловларидан муддати ўтган қарзлари бўлмаган ҳолда ҳамда банкка бир чорак мобайнида топширадиган ўртача нақд пул тушуми олдиндан берилган кредитни ва янгидан берилиши режалаштирилаётган кредитни ҳисобланадиган фоизлари билан биргаликда қопланишини таъминлаган тақдирдагина ҳар 3 ойда қайтариш шарти билан 1 йилгача муддатга берилиши мумкин.

Банк филиаллари савдо ташкилотларига аҳолининг биринчи даражали эҳтиёжи ҳисобланган озиқ-овқат маҳсулотлари заҳирасини шакллантириш учун бир битим ёки босқичма-босқич бир неча битимлар бўйича 3 ойдан - 6 ойгача муддатга кредит беришлари мумкин.

2.23. Берилган кредитлар муддатли мажбуриятномалар билан расмийлаштирилади ва кўзда тутилмаган ҳолатлар 91801 - «қарз олувчининг қисқа муддатли кредитлар буйича мажбуриятлари» ҳисобварағида тўлиқ тўлангунига қадар ҳисобга олинади. Кредитнинг қисман тўланганлиги муддатли мажбуриятноманинг орқа томонига тўланган санаси, миқдори ва тўланмай қолган қолдиқ миқдори кўрсатилган ҳолда ёзиб борилади,

Тўлаш муддати келганда ва қарз олувчининг пул маблағлари бўлмаган тақдирда кредит муддати ўтган кредитлар ҳисоб-варағи орқали ундиришга тақдим  этилади, муддатли мажбуриятномалар эса 2-сонли картотекага жойлаштирилади ва календар навбати тартибида ундирилади.

Банк филиаллари ҳар ойда тўлов муддати ўтган кредитлар бўйича қарздор мижоз билан таққослама далолатномалар тузади.

2.24. Муддати ўтган фоиз тўловлари бўйича қарзлар юзага келганда бу қарзларга мемориал ордер ёзилиб 2-сонли картотекага қўйилади ва у календар навбати тартибида ундирилади. Бу ҳолатда фоиз тўловлари бўйича қарзлар кредит қарзларидан олдин ундирилади (ушбу шарт кредит шартномасида кўрсатиб ўтилиши зарур).

Банк филиаллари муддати ўтган кредитлар бўйича пайдо бўлган вақтидан 60 кундан (бир йил муддатгача берилган кредитлар учун) ва 90 кундан (бир йилдан ортиқ муддатга берилган кредитлар учун) ошгандан кейин ҳам то ушбу кредит тўлиқ ундирилгунга қадар оширилган фоиз ставкаларини қўллаган ҳолда уларнинг ҳисоб-китобини кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварағида юритиш йўли билан фоиз ҳисоблашни давом эттиради.

Банк филиаллари ҳар ойда баланс ҳисобварақлари ва кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварақларида юритилаётган фоиз қарзлари бўйича қарздор мижоз билан таққослама далолатномалар тузади.

2.25. Кредитни сўндириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • муддатидан илгари, қарз олувчининг талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисобварағидаги пул маблағларини эркин қолдиғини унинг тўлов топшириқномасига асосан кредит ҳисобварағига ўтказиш йўли билан;

  • муддатли мажбуриятнома ва мемориал ордерларга асосан қарз олувчининг талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисобварағидан сўндириш муддати келган кредитлар бўйича қарзларни ундириш йўли билан;

  • банк томонидан қабул қилинган кафиллик шартномаси, кафолат, суғурта полиси бўйича суғурта тўловлари мажбуриятларидан фойдаланиш орқали.

2.26. қарздор томонидан асосий қарз ва улар бўйича ҳисобланган фоиз тўловлари кредит шартномасида белгиланган муддатда қайтарилмаган тақдирда банк филиали қарздорга нисбатан ушбу Низомнинг 5.6. бандида кўрсатиб ўтилган талабларни қўллайди.

 

3. Узоқ муддатли кредитлар бериш тартиби

3.1. Узоқ муддатли кредитлар ишлаб чиқариш объектлари ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, таъмирлаш, техникавий қайта жиҳозлаш ҳаражатлари билан боғлиқ инвестиция мақсадлари, техника, технология ва асбоб ускуналар, асосий пода ва кўп йиллик дарахтларни шакллантириш учун берилади.

3.2. Банк кредити ҳисобидан ишлаб чиқариш объектлари ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуришни, таъмирлашни, техникавий қайта жиҳозлашни молиялаштириш фақатгина қарз олувчи томонидан банк филиалига Ер кодекси, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 31 декабрдаги 472-сонли, 1997 йил 29 октябрдаги 488- сонли, 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сонли, 1999 йил 20 декабрдаги 532-сонли қарорларига мувофиқ барча лойиҳа-смета ва бошқа ҳужжатлар тақдим  этилгандан кейингина очилади.

3.3. Тақдим этилган барча ҳужжатларни синчиклаб ўрганганидан сўнг банкнинг кредит бўлими илова қилинган ҳужжатлар билан биргаликда кредит берилиши мумкин ёки рад жавоби бериш ҳақида қарор қабул қилиш учун ўз хулосасини Кредит қўмитага тақдим қилади.

Кредит қўмитанинг ижобий хулосасидан сўнг банк филиали қарз олувчи билан кредит шартномаси тузади.

Қурилаётган объектлар (корхоналар)нинг Дирекциялари билан кредит шартномалари тузишга йўл қўйилмайди.

3.4. Кредитни берилиши ушбу Низомнинг 2.22. бандига асосан қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади:

  • бажарилган ишлар учун пудратчи ташкилотларга тўлов ҳужжатларини тўлашда ушбу қурилиш сметасига киритилган асбоб - ускуна сотиб олиш ва бошқа ҳаражатлар, қурилиш ишларининг йиллик ҳажмининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда олдиндан тўловни амалга оширилганлигини эътиборга олиш лозим.
  • Қурилаётган корхонани Дирекциясини сақлаб туриш-кадрлар тайёрлаш билан боғлик, бўлган бошқа ҳаражатлар, бинолар учун ижара ҳақлари ва шунга ўхшаш ҳаражатларни кредитлаш объектининг сметасида кўзда тутилмаган бўлса кредит ҳисобидан тўлаш ман эътилади.

3.5. Кредит ва улар бўйича ҳисобланган фоиз тўловларини ундириш ушбу Низомнинг 2.24., 2.25., ва 2.26. бандларига асосан амалга оширилади.

4. Иш ҳақини тўлаш учун кредит бериш тартиби.

4.1. Банк филиаллари томонидан иш ҳақи тўлашга кредитлар ишчи ва хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида, ўзларига боғлиқ бўлмаган объектив сабабларга кўра, уларнинг банк ҳисоб варақларида маблағлари бўлмаган ва қисқа муддатларда аниқ пул тушумига эга бўлиши тахмин қилинган хўжалик субъектларига берилади.

4.2. Хўжалик субъектларига иш ҳақи тўлаш учун қисқа муддатли  кредит маблағлари ажратилган кредитларни қайтарилиши, тўловлилиги, таъминланганлиги, муддатлилиги ва мақсадли  фойдаланишлилиги шартларига қатъий риоя этган ҳолда, хатарларни ҳар томонлама баҳолаш ва гаров қийматини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

4.3. Иш ҳақи тўлаш учун қисқа муддатли кредит маблағлари фақат юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган хўжалик субъектларига мижознинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи очилган банк филиали томонидан берилади.

4.4. Ноликвид балансга эга бўлган, зарар билан фаолият кўрсатаётган ҳамда банкдан муддати ўтган кредит қарзлари бўлган хўжалик субъектларига иш ҳақи тўлаш учун қисқа муддатли  кредит маблағлари берилмайди.

4.5. Хўжалик юритувчи субъектларга иш ҳақини тўлаш учун кредитлар банк билан мижоз ўртасида имзоланадиган кредит шартномасига асосан алоҳида кредит ҳисоб варағидан 45 кун муддатгача берилади.

4.6. Иш ҳақини тўлаш учун ажратилган кредитларни муддати узайтирилмайди.

4.7. Кредит олиш учун хўжалик субъекти банкка қуйидаги хужжатларни тақдим  этади:

          а)  кредит аризаси;

б) давлат солиқ хизматининг маҳаллий (туман) идораси томонидан электрон кўринишда қабул қилинганлиги тўғрисидаги белги қўйилган сўнгги ҳисобот даврига бўлган бухгалтерлик баланси, дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ёйилмаси ҳамда 90 кундан ошиб кетган қарздорликлари бўйича солиштирма далолатномалар, фойда ва зарарлар ҳақидаги ҳисобот;

в) ажратиладиган кредитни қопланишини аниқ манбаалари кўрсатилган пул оқимининг таҳлили ҳамда уни кредит шартномасида белгиланган муддатда қайтарилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури;

г) таъминот турларидан бирини.

4.8. Олинган кредитларни қайтармаслик хатарини олдини олиш мақсадида қарз олувчи тез ва эркин сотилиш талабларига жавоб берадиган таъминотига эга бўлиши керак.

4.9. Қарз олувчи банкка қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим  этиши мумкин:

  • юқори ликвидли мол-мулк гаровини.

Мол-мулк гарови сифатида таваккалчиликни ва бозор қийматини пухта баҳолаган ҳолда хўжалик субъектларининг ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектлари, транспорт воситалари ҳамда бошқа ликвидли активлари расмийлаштирилади ва иш ҳақини тўлаш учун ажратилган кредитлар ўрнатилган муддатларда қайтарилмаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулк қарз олувчининг розилигидан қатъий назар кейинчалик уни белгиланган тартибда сотиш ҳуқуқи билан банк ихтиёрига олинади.

  • молиявий аҳволи барқарор ҳамда кредитга қобиллиги биринчи синфга мансуб бўлган юридик шахс мақомини олиб фаолият юритаётган ва белгиланган тартибда расмийлаштирилган учинчи шахсларнинг кафиллигини;

4.10. Иш ҳақини тўлаш учун кредит олган хўжалик субъектлари томонидан кредитлар бўйича қарзлар ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда банк филиаллари уларни қуйидаги тартибда ундириб олиш чораларини кўради:

  • қарздорнинг иккиламчи ҳисоб рақамига, шу жумладан уларнинг бошқа банкларда очилган иккиламчи ҳисоб рақамига ижро этилиши мажбурий бўлган инкассо талабномаларини қўяди;
  • қарздорнинг пул маблағлари етишмаган тақдирда кредит бўйича қарзларни қарздорнинг розилигига кўра унинг ликвидли мол-мулки ҳисобидан ундириб олади ёки хўжалик суди орқали қарздорнинг мол-мулкига қаратади.

4.11. Банк филиаллари иш ҳақини тўлаш учун кредит сўраб мурожаат қилган хўжалик субъекти томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ҳамда мазкур хўжалик субъекти бўйича банкдаги мавжуд ахборотларни чуқур таҳлил қилиб кўриб кредит аризаси тушган кундан кейин 3 (уч) банк иш куни ичида кредит ажратиш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилишлари лозим.  

4.12. Кредитлар ҳисобланган иш ҳақи ва иш ҳақи фондидан ажратмалар миқдорида берилади, лекин бериладиган кредитни миқдори иш ҳақини базавий даражасини ҳисоб-китобига мувофиқ бир ой учун тегишли бўлган маблағдан ошиб кетмаслиги лозим.

4.13. Ҳисоблаб ёзилган иш ҳақига қўлга нақд бериладиган сумма, даромад солиғи, Ижтимоий суғурта фонди, касаба уюшмаларига тўланадиган тўловлар ва бошқа иш ҳақидан ушлаб қолинадиган суммалар киритилади (муқобиллик хизмати, ижро варақалари ва шунга ўхшаш тўловлар).

4.14. Қуйидаги шартлар бажарилмаган ҳолда иш ҳақи учун кредит бериш таъқиқланади:

а) тўлов қобилиятига эга бўлмаган ва банкрот деб эълон қилинган хўжалик субъектларига;

б) узоқ муддат барқарор фаолият кўрсатмаган хўжалик субъектларига;

в) агарда корхона банк филиалига кредитни қайтариш манбаи тўғрисида аниқ ва ишончли маълумотлар тақдим этмаса ҳамда кредитни қайтаришни реал манбаига эга бўлмаса.

4.15. Банк филиаллари кредит берилгандан кейин 5 кун муддат ичида иш ҳақини тўлаш учун берилган кредитларни мақсадга мувофиқ ишлатилганлиги тўғрисида жойида текширув ўтказишлари лозим.

4.16. Кредит берилгандан кейинги ҳисобот санасига хўжалик субъектининг баланс ҳисоботи бўйича ноликвидлик ёки фаолиятини зарар билан якунлаганлиги ҳамда текшириш натижасида кредитни мақсадсиз ишлатилганлиги аниқланса ажратилган кредит муддатидан олдин ундириб олинади.

4.17. Иш ҳақини тўлаш учун ажратиладиган кредитлар учун фоиз даражалари банк билан мижоз ыртасида келишилган ҳолда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади ва кредит шартномаси билан расмийлаштирилади.

4.18. Иш ҳақини тўлаш учун ажратиладиган кредитлар кредит шартномасида ўрнатилган муддатларда қайтарилиши таъминланмаса уларга ушбу кредит тўлиқ ундирилгунга қадар оширилган фоиз ставкалари қўлланилган ҳолда фоизлар ҳисобланади.

4.19. Иш ҳақини тўлаш учун берилган кредитларни ундирилиши Марказий банкнинг Адлия Вазирлигида 2012 йил 15 мартда 2342-рақам  билан рўйхатга олинган «Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқнома»га мувофиқ амалга оширилади.

4.20. Асосий қарз ва улар бўйича ҳисобланган фоиз тўловлари тўлиқ ундирилмагунга қадар янгидан кредит берилишига йўл қўйилмайди.

5. Банкнинг кредитлардан фойдаланганлик ҳамда кредит

ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни ўз вақтида

тўланиши устидан олиб борадиган назорати

 

5.1. Банк филиаллари ўзи хизмат кўрсатадиган мижозларининг фаолиятига оид ахборотларга доимий равишда эга бўлиши, уларнинг кредитни тўлашга қобиллигини ва тўлов интизомининг ащволини доимий равишда таҳлил этиб туришлари лозим.

5.2. Кредит бериш жараёнида иқтисодий фаолият кредит шартномасини бажаришга, қарз олувчининг олинган кредитдан самарали фойдаланишига, уни ўз вақтида ва тўлиқ тўланишига, кредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида кредитни қарзга олувчи билан яқин алоқани сақлаб туришга қаратилган бўлиши керак.

5.3. Ана шу мақсадда мижознинг молиявий-хўжалик фаолияти, унинг тузилган шартномаларга (буюртмаларга) мувофиқ маҳсулот етказиб бериш мажбуриятларини, ишлаб чиқариш ҳажмларини бажариши, ноишлаб чиқариш ҳаражатлари ва нобудгарчиликлар, муомала чиқимлари, фойда, ўз айланма маблағлари мавжудлигининг динамикаси, товар моддий бойликлар заҳираларининг ҳолати ва айланма маблағларнинг айланиш тезлиги таҳлил этилади.

Банк қарз олувчидан маълумотлар йиғиб бориш орқали унинг кредитга қобиллиги юзасидан мунтазам мониторинг ўрнатади.

5.4. Банк филиаллари Марказий банкнинг Адлия Вазирлигида 2015 йилнинг 14 июлда 2696-сон билан давлат рўйхатига олинган “Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги” Низомга мувофиқ кредитлар портфелининг сифатини мунтазам таҳлил этиб, ҳар бир кредитнинг хатар даражасини таснифлаб, уни қуйидаги бешта тасниф разрядларидан бирига киритишлари керак:

а) стандарт;

б) субстандарт;

в) қониқарсиз;

г) шубҳали;

д) умидсиз. 

5.5. Банк филиаллари стандарт деб таснифланган кредитлар бўйича - 1%, субстандарт кредитлар бўйича - 10 %, қониқарсиз кредитлар бўйича - 25 %, шубҳали кредитлар бўйича - 50 %, умидсиз кредитлар бўйича - 100 % миқдорида зарур маблағларни заҳирага ажратма сифатида ўтказиб, кредитлар бўйича эҳтимолий йўқотишлар учун заҳира ташкил этишлари шарт.

Кредитлар бўйича эҳтимолий йўқотишлар учун заҳира хўжалик субъектларига берилган кредитларни таҳлил этиш ва банк хатари даражасига таъсир ўтказувчи омилларни аниқлаш асосида ташкил этилади.

Банк филиаллари заҳира ҳажмини ҳар бир ҳисобот ойининг биринчи кунига ҳисоблайдилар.

5.6. Банк олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаётган қарз олувчига нисбатан банк кредит шартномасининг шартларидан келиб чиқиб, қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

  • қарз олувчининг молиявий-хўжалик фаолияти ёмонлашганда, Банк назоратидан бош тортганда, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини бузганлик фактлари аниқланган тақдирда янгидан кредит беришни тўхтатиш ва илгари берилган кредитларни муддатидан олдин қайтариш ҳамда бу ҳакда солиқ инспекциясига хабар қилиш;
  • агар қарз олувчи банкнинг тавсияларини келишилган муддатда бажармаса, унга кредит беришни тўхтатиш тўғрисида огоҳлантириб даъво хатини жўнатиш;
  • агар қарз олувчи кредит шартномасига мувофиқ  қарзни қайтариш бўйича ўз мажбуриятини 30 кундан ошириб юборса, банк филиали ҳар ойда тузиладиган таққослама далолатномага асосан Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик Процессуал Кодексининг 102 – 107 - моддаларига мувофиқ  қарз олувчининг пул маблағлари ҳисобидан ундириш тўғрисида суд буйруғини чиқариш ҳақида Хўжалик судига мурожаат этиш;
  • банк филиаллари қарз олувчининг пул маблағи бўлмаган тақдирда Фуқаролик кодексининг 279, 280 ва 281 - моддаларига мувофиқ гаровга қўйилган мол-мулклари ҳисобидан ундириб олиш тўғрисида Хўжалик судига мурожаат этиш;
  • қарз олувчидан ҳисоб ва ҳисоботдаги бузилишларнинг сабаблари тўғрисида тушунтиришномани ҳамда ушбу қонун бузилишларини тугатиш бўйича тадбирларни банкка тақдим  этишни талаб қилиш;
  • кредит шартномасида ва кредитга доир тадбирларни ўтказиш муддатларида кредитни узиш, истиқболи бўлмаган тақдирда банк филиаллари кредитни қарзга олувчига нисбатан банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган  жазо чоралари қўлланилиши тўғрисида огоҳлантириб, даъво хатини жўнатиш.

5.7. Банк филиаллари ушбу Низомнинг 5.6. бандида кўрсатиб ўтилган чораларни қўллагандан кейин ҳам қарз олувчи томонидан қарзни қайтариш бўйича ижобий ўзгаришлар амалга оширилмаса, қарздор ва кредитор томонидан жиноий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳолатларда, хусусан, пул маблағларини талон-тарож қилиш ва ўзлаштириш, лавозимни суистеъмол қилиш, маъсулиятсизлик ва қалбаки ҳужжатларни тақдим этиш оқибатида кредитларни ўз вақтида қайтармаслик ҳамда уларни мақсадсиз ишлатиш ҳолатлари бўйича мазкур ҳолатлар аниқланган кундан бошлаб 20 кунлик муддатда тегишли ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан биргаликда 2002 йил 28 майда имзоланган «Тижорат банклари томонидан берилган кредитларнинг қайтмаганлиги юзасидан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича материалларни расмийлаштирилиши ва прокуратура органларига тақдим этиш бўйича Тавсиялари»да кўрсатилган тартибда Прокуратура органларига тақдим  этади.

 

              Бошқарув Раиси                                                                       С.Мансуров

Келишилган:


Ж.Тўйчиев                                                                   Ф.Махмудов

Э.Алимов                                                                    Б.Бобомуродов

З.Иноятов                                                                   Г.Тўйчиева

Ж.Юнусходжаев                                                         С.Рустамов